2026 йил коррупцияга қарши курашиш бўйича “фавқулодда ҳолат” йили.

Chop etish Sahifani ulashish
04.03.2026 5 Yangiliklar

2026 йил коррупцияга қарши курашиш бўйича

“фавқулодда ҳолат” йили.

 

“Коррупция – давлат тараққиётига тўсиқ бўладиган, адолат ва қонун устуворлигини издан чиқарадиган, жамиятда ишонч муҳитини заифлаштирадиган энг жиддий таҳдид. Коррупцияга йўл қўйиш эса ислоҳотларимизга хиёнатдир! Бу иллатга қарши курашиш бўйича 2026-йилда “фавқулодда ҳолат” эълон қиламиз”, деб таъкидлади давлати раҳбари Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига қилган мурожаатномасида.

Аслида Давлатимиз раҳбари бу иллатга нисбатан ўзининг ўта танқидий муносабатларни доимий билдириб келган ва  коррупцияга қарши курашишни Давлат сиёсатининг энг устувор вазифалари деб қараган. 

Хусусан, Президентимиз ўз ваколатига киришишар экан 2017-йил 3-январда энг биринчи бўлиб Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” ги Қонунини имзолади ва ушбу Қонун билан Давлатимизнинг мазкур иллатга қарши курашишдаги асосий принциплари белгиланди. 

Мазкур принциплар қонунийлик, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик, тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлиги,  коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлигидан иборат эканлиги Қонунда мустаҳкамлаб қўйилди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари эса, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлашдан иборат эканлиги белгиланди.

2024-йилни 5-июнь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган ва 2024-йилни 6-декабридан бошлаб кучга кирган “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни эса Мамлакатимизда коррупциянинг бир кўриниши бўлган манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини белгилаб берди.

Қонунга кўра, манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазиятдир.

Қонун билан  Давлат органининг ёки бошқа ташкилотнинг ходими:

-ўз лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини виждонан бажариши ва уларнинг бажарилишига таъсир кўрсатадиган ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ўз шахсий манфаатлари билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракатлардан ўзини тийиши;

-лавозим мажбуриятларини ёки хизмат ваколатларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги;

-ўзининг бевосита бўйсунувидаги ходимларни ёки бошқа ходимларни бевосита ёки билвосита ўзининг шахсий манфаатларини кўзловчи ҳаракатларга (ҳаракатсизликка) мажбурламаслиги каби шарт бўлган ҳолатлар белгилаб қўйилди.

Албатта мазкур Қонунларнинг қабул қилиниши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг таъсирчан самарали механизмни яратишга ва натижадорлигини оширишга, давлат хизматини амалга оширишда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймаслигига хизмат қилади.

Бироқ, бу жабҳада ҳақиқий натижага эришиш ва мавжуд Қонунларимизни устуворлигини таъминлаш учун юртимиздаги ҳар-бир фуқаро бу иллатга ўта салбий ва муросасиз муносабатда бўлиши, авваламбор ўзи бундай салбий муносабатларни юзага келтирмаслиги, юзага келган вазиятларда эса бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга дарҳол хабар бериши лозим бўлади.

Чунончи, коррупция бор жойда адолат ва ривожланиш бўлмайди, у тараққиёт ва жамиятнинг кушандаси, унга нисбатан барчамиз “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланиб бир вақтда ва баравар  қарши  курашишимиз лозим.

Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда жамиятимизнинг барча аъзолари “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз.

 

Навоий вилоят суди судьяси                                        Ш.Қодиров

 

Навоий туманлараро иқтисодий

суди судьяси                                                                Б.Джумаев