Одил судловни мустақил ошириш борасида яратилаётган имкониятлар.
Ўзбекистонда суд тизимини ривожлантириш жараёнида судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва судлар фаолиятини молиявий таъминлаш масалалари ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг таркибий қисми сифатида қаралади.
Шунинг учун суд мустақиллигини таъминлашда учта ўзаро боғлиқ кафолатни ажратиш мумкин:
- Ҳуқуқий мустақиллик — судья қарорни фақат Конституция ва қонунларга асосланиб қабул қилиши;
- Ташкилий мустақиллик — судларнинг ички фаолиятига асоссиз аралашувга йўл қўймаслик;
- Молиявий таъминланганлик — судлар ўз вазифаларини бажариши учун зарур ва барқарор маблағларга эга бўлиши.
Шу сабабли одил судловни такомиллаштириш ҳақида гап кетганда, судьяларнинг мустақиллиги билан бир қаторда судларнинг молиявий таъминланганлиги ва суд тизимининг моддий-техник мустақиллиги масалаларига ҳам алоҳида аҳамият бериш муҳимдир.
2026 йил 11 сентябрь куни қабул қилинган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан суд ҳокимияти органлари фаолиятини молиялаштириш соҳасидаги муносабатлар тартибга олинди десак муболаға бўлмайди.
Сабаби, мазкур қонун билан судлар фаолияти фақат Давлат бюджетидан молиялаштирилади. Навбатдаги молия йили учун ажратиладиган маблағлар ўтган йилда ажратилган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас, шунингдек, бюджет даромадлари прогнозининг ижросидан қатъи назар, судлар фаолиятини молиялаштириш харажатлари камайтирилиши мумкин эмас. Шу билан бирга, бюджет лойиҳасини тайёрлашда судьялар ва суд аппарати ходимларининг иш ҳақи, рағбатлантирувчи тўловлар, моддий-техника таъминоти ҳамда ижтимоий таъминоти инобатга олиниши шартлиги кўрсатилди.
Бундан ташқари, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикаси «Судлар тўғрисида»ги қонунининг 90-моддаси янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра ҳар бир суд алоҳида бино, қўриқлаш ва автотранспорт билан таъминланиши белгиланди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, ушбу қонундан кўзланган асосий мақсад — бу судлар ўз вазифаларини тўлақонли бажариши учун зарур маблағларни кафолатлаш билан бирга, судларнинг молиявий масалаларда бошқа ҳокимият органларига асоссиз қарам бўлишини тўлиқ олдини олишдан иборатдир.
Н.Умаров — Навоий вилоят суди судьяси
Ш.Қодиров — Навоий вилоят суди судьяси